Бачадон миомаси деб, мушак тўқимасидан, фибромиома – бириктирувчи тўқималардан ташкил топган, гормонларга мойил бўлган хавфсиз ўсмага айтилади. Миома кенг тарқалган касаллик бўлиб, гинекологик беморларнинг 10-27% да, 30 ёшга етган беморларнинг 20% ида, 40 ёшдан катта беморларнинг эса 40% ида учрайди. Бачадон миомасининг келиб чиқиш сабаблари ва ривожланиши юзасидан жуда кўп олимларнинг фикр-мулоҳазалари бўлиб, улар ҳар хилдир, лекин ягона якуний хулосага келинмаган. Бу масалада бутун дунё олимлари тадқиқот ишларини олиб бормоқдалар. Аёллар организмида бачадон миомасининг келиб чиқиши асосан гормонал ўзгаришлар туфайли, яъни гипоталамус-гипофиз-буйрак усти бези тухумдон орасидаги муносабатнинг, бирон-бир қисмининг шикастланиши ҳамда бачадондаги ўзгаришлар натижасида хусусан миометрийнинг гиперплазияси туфайли вужудга келиши мумкин. Гипофизнинг гонадотроп гормони текширилганда, ҳайз цикли давомида организмда прогестерон гормонининг миқдори камлиги, бу эса ўз навбатида ҳайз циклининг иккинчи даври етишмовчилигига олиб келиши аниқланган. 70-80% ҳолларда бачадон миомаси беморларда патологик ҳайз цикли мавжудлигини кўрсатади, хусусан ановулятор, яъни даврий ёки овулятор, бироқ лютеин даврнинг етишмовчилиги сифатида намоён бўлган ҳайз циклини назорат қилган. Клиник ва экспериментал тадқиқотларга таяниб, аёллар организмида рўй берган гормонлар ўзгариши, хусусан эстроген гормонларнинг кўп ишланиши, бачадон миомалари пайдо бўлишида муҳим роль ўйнайди деб тахмин қилиш мумкин. Бачадон миомаси билан касалланган аёлларнинг касаллик тарихига аҳамият берилса, уларнинг ёшлигида ҳар хил юқумли касалликлар билан, 1/3 қисми бачадон ортиқларининг яллиғланиши, бепуштлик билан касалланганлиги аниқланган ва бу ҳолатлар ўз навбатида организмни ички секреция безларининг фаолияти ўзгаришига сабаб бўлган. Бу ҳолат ҳайз циклининг бузилишига таъсир қилиб, бир-бирига боғлиқ бўлган патологик ҳалқани ҳосил қилади. Бу бачадон миомасининг келиб чиқишига сабаб бўлган. Бачадон миомасининг келиб чиқишига фақат узоқ муддат давомида эстроген-гестаген гормонларнинг организмга таъсирининг бузилишигина эмас, балки бачадон мушакларини таъминловчи нерв рецепторларининг ғайритабиий қўзғалувчанлиги ҳам сабаб бўлади.
Миоманинг таснифи
Бачадон миомасининг тугунчалари рангининг оқимтирлиги билан атрофдаги бачадон мушак тўқималаридан ажралиб туради, бошқа мушак тўқималарига қараганда консистенцияси қаттиқроқ, зичроқ бўлади. Кўпинча миома тугунчалари 95% бачадон танасида ва 5% миқдорда бачадон бўйнида учрайди. Кўпинча тугунчалар бачадон тубида, айниқса бачадоннинг орқа деворида жойлашади. Бачадоннинг олдинги деворида орқа деворига нисбатан 2 маротаба кам учрайди, миома тугунлари камдан-кам бачадоннинг деворларида жойлашганлигининг шохиди бўламиз. Энг кам учрайдиган жойи 1% да бачадон бўйни ва қиндаги жойлашувидир. Миома тугунларининг ўсиш жараёни йўналиши бўйича уч хил бўлади: 1. Субмукоз, 15-25% шиллиқ ости қаватида жойлашиб, тугунчалар бачадон бўшлиғи томон ўсади. 2. Интерстициал, 30% тугунчалар бачадон деворидаги мушак қаватининг орасига жойлашади. 3. Субсероз, 30% ўсма қорин пардасининг остида жойлашган бўлади. Бундай ҳолларда кўп тугунли миомаларда бачадоннинг ҳар томонлама бир хил катталашганини баъзан эса бир томонлама катталашганини аниқлаймиз. Бачадон катталиги ҳатто 39-40 ҳафталик ҳомиладорликдаги даражада бўлиши мумкин.
Субсероз тугунлар эса бачадон шаклини кескин ўзгартириб юборади ва қорин бўшлиғи томонга қараб ўсиб, бачадон деворига ҳар хил узунлик ва қалинликдаги ўсма оёқчаси билан боғланади. Агар субсероз тугунлар кўп миқдорда бўлса, худди картошка туганакларига ўхшаб кетади. Шиллиқ қавати остида жойлашган тугунчалар эса бачадон бўшлиғи томон ўсиб, унинг шакли ўзгаришига олиб келиб, кейинчалик бачадоннинг кучли қисқаришига ҳамда бачадон бўйнининг очилишига олиб келиб, тугунчаларнинг қин томонга туғилиши содир бўлади. Ўсмалар сийдик пуфаги ёки тўғри ичак томонга қараб ўсган бўлса, шу аъзоларнинг фаолияти бузилади. (суратда кўптугунчали миома)